Положение о Наблюдательном совете
|
Акциядорлар умумий йиғлишининг 2022-йил 29-июндаги 1-сон қарори билан “ТАСДИҚЛАНГАН” |
«ТЎРТКЎЛ ПАХТА ТОЗАЛАШ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ КУЗАТУВ КЕНГАШИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ
(янги таҳрирда)
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
-
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, «Тўрткўл пахта тозалаш» акциядорлик жамиятининг (бундан буён - Жамият) Уставига мувофиқ ишлаб чиқилган, ҳамда жамият кузатув кенгашининг мақомини, унинг аъзоларининг сайланишини, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради ва фаолиятини тартибга солади.
-
Кузатув кенгаши жамиятнинг фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, қонунчилик ва жамият устави билан акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатларига киритилган масалаларни ҳал қилиш – бундан мустасно.
-
Кузатув кенгаши аъзолари ўртасидаги функцияларни тақсимлаш Кузатув кенгаши раиси томонидан Кузатув кенгашининг ҳар бир маълум аъзоси учун амалга оширилади.
II. КУЗАТУВ КЕНГАШИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ
-
Жамият кузатув кенгашининг ваколатларига қуйидагилар киради:
жамият ижроия органининг жамиятни ривожлантириш стратегиясини ривожлантиришга эришиш бўйича кўриладиган чоралар тўғрисидаги ҳисоботини доимий равишда тинглаб борган ҳолда, шунингдек бизнес режа бажарилиш параметрларини, жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;
навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш,қонунчиликда белгиланган холлар бундан мустасно;
акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш; ўтказиладиган санаси ва жойини белгилаш;
акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида акциядорларни хабардор қилиш ва акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш учун жамият акциядорлари реестрини шакллантириш санасини белгилаш;
Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни 59-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошида назарда тутилган масалаларни акциядорларнинг умумий йиғилишига ҳал этиш учун киритиш;
мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;
жамият ижро органи раҳбарини танлаш (сайлаш), унинг ваколатларини муддатидан илгари бекор қилиш;
ижроия органи раҳбари лавозимига ва унинг аъзолари конкурсини ташкил этиш;
жамият ижроия органига тўланадиган мукофот ҳақлари ва (ёки) компенсациялар миқдорини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йилдаги “Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида”ги 207-сонли қарори билан белгиланган асосий самарадорлик кўрсатгичларини бажариш учун кўрсатиб ўтилган тўловларини белгилаш;
корпоратив маслаҳатчини тайинлаш ва унинг фаолият юритиш тартибини белгилаб берадиган низомни тасдиқлаш;
жамиятнинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш.
ички аудит ҳизматини ташкил этиш, унинг ходимларини тайинлаш, белгиланган тартибда меҳнат шартномаси тузиш (шартнома кузатув кенгашининг раиси ёки жамият кузатув кенгашининг ваколатли шахси томонидан имзоланиши керак) шунингдек, ҳар чоракда унинг ҳисоботларини эшитиб бориш;
жамият кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ижро органидан ҳужжатларни олиш, Кузатув кенгаши ва унинг аъзолари олинган ҳужжатлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши мумкин;
аудиторлик текшируви ўтказиш, (шу жумладан Халқаро молиявий ҳисоботлар стандартларига биноан тузилган, жамият молиявий ҳисоботи ташқи аудити ўтказилганлиги ҳақида) унинг хизматлари учун тўланадиган ҳақнинг энг юқори миқдорини белгилаш тўғрисида тавсиялар бериш;
жамият тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган мукофотлар ва компенсацияларнинг миқдорлари бўйича тавсиялар бериш;
дивидендлар миқдори, уларни тўлаш шакли ва тартиби бўйича тавсиялар бериш;
жамиятнинг захира ва бошқа фондларидан фойдаланиш;
жамиятнинг ваколатхоналарини очиш ҳамда филиалларини ташкил этиш;
жамиятнинг шўъба ва тобе корхоналарини ташкил этиш (улар акциядорлик жамияти ёки масъуляти чекланган жамият шаклида ташкил этилади);
йирик битимлар тузиш ва жамиятнинг тобе (аффилланган) шахси билан битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
қонунчилик билан белгиланган тартибда, жамиятнинг тижорат ва нотижорат ташкилотларида иштироки билан боғлиқ бўлган битимлар тузиш;
жамиятнинг устав фонди (устав капитали)ни ошириш, ҳамда жамият уставига Жамиятнинг устав фонди (устав капитали)ни ошириш ва жамиятнинг эълон қилинган акциялари сонини камайтириш билан боғлиқ бўлган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
жамият томонидан корпоратив облигациялар, шу жумладан конвертация қилинадиган акциялар чиқариши тўғрисида қарор қабул қилиш;
қимматли қоғозлар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;
жамиятнинг корпоратив облигацияларини сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
акцияларни жойлаштириш (биржа ва ташкил этилган қимматли қоғозлар биржадан ташқари бозорларида қўйиш) нархини белгилаш;
қимматли қоғозлар чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилиш ва тасдиқлаш;
қимматли қоғозлар чиқариш тўғрисидаги эмиссия рисоласини тасдиқлаш (қимматли қоғозлар жойлаштирилган тақдирда);
Кузатув кенгаши аъзолари, ижроия органи, АЖ ходимлари ва жалб қилинган экспертлар (профилли олий ўқув юртлари ва бошқаларнинг тегишли профилдаги мутахассислари, ўқитувчилар таркиби) ичидан, кузатув кенгаши қошида тегишли масалалар бўйича қўмиталар (ишчи гуруҳлар), шу жумладан низоли вазиятлар бўйича, аудит бўйича, кадрлар бўйича ва бошқа масалалар бўйича қўмиталар тузиш;
жамият устави ва қонунчилигиги мувофиқ бошқа масалалар бўйича қарор қабул қилиш .
-
Жамият Кузатув кенгаши Корпоратив бошқарув кодекси тавсияларини жорий этиш учун қуйидагиларни амалга оширали:
жамият Ижроия органи, ички назорат органлари, жамиятда тузилган коллегиал органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, зарурат туғилганда эса жамиятни ривожлантириш режаларини ва унда белгиланган мақсадларга эришиш мониторингини ишлаб чиқишни ташкил этиш учун экспертларни жалб қилиш;
АЖ ташкилий тузилмасининг қонунчилик талабларига мослигини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва доимий равишда баҳолаш, ҳамда ҳар йилги молиявий ҳисоботларни Халқаро молиявий ҳисоботлар стандартларига биноан чоп этишга ўтилишини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
Корпоратив бошқарув кодекси тавсияларини жорий этилиши устидан назорат олиб бориш.
-
Қонунчилик ва жамият уставига мувофиқ кузатув кенгаши ваколатларига бошқа масалаларни ҳам ҳал этишни киритиш мумкин.
-
Жамият кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамият ижроия органига ўтказилиши мумкин эмас.
III. Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш, тайинлаш ва ваколатларини муддатидан илгари бекор қилиш
-
Жамият кузатув кенгашининг аъзолари ушбу Қонун ва жамият уставида назарда тутилган тартибда акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йиллик муддатга сайланадилар.
-
Жамият кузатув кенгашининг миқдор таркиби жамият устави билан белгилаб қўйилади.
-
Кузатув кенгаши таркибига биттадан кам бўлмаган (унинг уставида назарда тутилган Кузатув кенгаши аъзолари сонининг 15% кам бўлмаган) мустақил аъзоси киритилади. Бунда мустақил аъзонинг номзодини кўрсатиш акциядорлар томонидан уларнинг келишувига кўра амалга оширилади..
-
Кузатув кенгашининг мустақил аъзоларига қўйиладиган мезонлар, Корпоратив бошқарув кодексида белгилаб қўйилган.
-
Жамият Кузатув кенгаши таркибига сайланган шахслар, чекланмаган ҳолда қайта сайланишлари мумкин.
-
Жамият ижроия органининг раҳбари ва унинг аъзолари Жамият Кузатув кенгашига сайланишлари мумкин эмас.
-
Ушбу Жамиятнинг ўзида меҳнат шартномаси (контракти) бўйича ишлаёган шахслар Жамият Кузатув кенгаши аъзолари бўла олмайдилар.
-
Кузатув кенгаши сайланган аъзосининг ваколатларини муддатидан илгари бекор қилиш, акциядор ўзгарганда, Кузатув кенгаши аъзоси томонидан ўз мажбуриятларини бузган тақдирда, Кузатув кенгашининг тегишли аризаси мавжуд бўлганда ва бошқа асосларга кўра, акциядорлар умумий йиғилишининг қарори бўйича амалга оширилади.
-
Жамият Кузатув кенгаши аъзоларининг сайловлари кумулятив овоз бериш йўли билан амалга оширилади.
-
Кумулятив тарзда овоз берилганда ҳар бир акциядорга тегишли бўлган овозлар сони, Жамият Кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахсларнинг сонига кўпайтирилади, ва акциядор шу тарзда олинган овозларни тўлиқ бир номзодга беришга ёки уларни икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақлидир.
-
Энг кўп сон овозлар тўплаган номзодлар Кузатув кенгаши таркибига сайланган деб ҳисобланадилар.
IV. Кузатув кенгашининг раиси
-
Жамият кузатув кенгашининг раиси кузатув кенгаши аъзолари томонидан уларнинг ўзлари орасидан кузатув кенгаши аъзолари умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан сайланади.
-
Жамият кузатув кенгаши ўз раисини кузатув кенгаши жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қайта сайлашга ҳақлидир.
-
Жамият кузатув кенгашининг раиси (ёки жамият кузатув кенгашининг ваколатли шахси) унинг ишини ташкил этади, кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисда баённома юритилишини ташкил этади, жамият уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, акциядорлар умумий йиғилишида раислик қилади.
-
Жамият кузатув кенгашининг раиси йўқлигида унинг вазифасини кузатув кенгаши аъзоларидан бири бажариб туради.
V. Кузатув кенгашининг мажлиси
-
Жамият кузатув кенгашининг мажлиси кузатув кенгашининг раиси томонидан унинг ўз ташаббуси билан, кузатув кенгашининг аъзоси, тафтиш комиссиясининг, жамият ижроия органининг, шунингдек жамият овоз берувчи акцияларининг бир фоизидан кам бўлмаган миқдорининг эгаси ҳисобланадиган акциядор (акциядорлар)нинг талабига биноан чақирилади.
-
Жамият кузатув кенгашининг мажлиси кузатув кенгашининг раиси томонидан ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Мажлисда мажбурий тарзда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:
ижроия органининг йиллик бизнес-режа бажарилишининг бориши тўғрисидаги, жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги, жамиятнинг таркибига кирадиган корхоналарнинг уларнинг бизнес-режалари, ҳамда жамиятнинг бошқа ички ҳужжатлари билан тасдиқданган кўрсатгичларига эришиш ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи;
ички аудит хизматининг ҳисоботи;
тафтиш комиссиясининг жамиятдаги тобе (аффилланган) шахслар билан битимлар ёки йирик битимлар мавжудлиги, ҳамда бундай битимлар тузиш учун қонунчилик ва жамиятнинг ички ҳужжатларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосаси.
-
Жамият Кузатув кенгаши мажлисини ўтказиш учун кворум, Жамият Кузатув кенгаши сайланган аъзоларининг сонидан етмиш беш фоиздан кам бўлмаслиги керак.
-
Кузатув кенгаши аъзоларининг сони уставда назарда тутилган миқдорнинг етмиш беш фоизидан кам бўлиб қолса, жамият кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш учун акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш шарт. Кузатув кенгашининг қолган аъзолари акциядорларнинг ана шундай навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидагина қарор қабул қилишга, шунингдек директор ваколатлари муддатидан илгари бекор қилинган ҳолларда, унинг вазифаларини вақтинчалик ижроия этувчини тайинлашга ҳақлидир.
-
Жамият кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади, Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни ва жамият уставида назарда тутилган ҳоллар – бундан истисно. Жамият кузатув кенгаши мажлисида масалалар ҳал этилаётганда кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади..
Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг овозлари тенг бўлиб қолган ҳолларда, жамият кузатув кенгаши раиси ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эга бўлади.
-
Жамият кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини кузатув кенгашининг бошқа аъзосига ёки учинчи шахсга беришига йўл қўйилмайди.
-
Жамият кузатув кенгашининг мажлисида баённома юритилади. Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг ўн кундан кечиктирмай тузилади.
-
Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:
- мажлис ўтказилган сана, вақт ва жой;
- мажлисда ҳозир бўлган шахслар;
- мажлиснинг кун тартиби;
- овоз беришга қўйилган масалалар, улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари;
- қабул қилинган қарорлар.
-
Жамият кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси, баённоманинг тўғрилиги учун жавобгар бўлган, мажлисда иштирок этган жамият Кузатув кенгаши аъзолари томонидан имзоланади.
-
Жамият кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси Жамият директорига ижро учун у имзоланган кунда берилади. Кузатув кенгаши томонидан акциядорлар умумий мажлисини чақириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган тақдирда, мазкур қарор ҳақидаги маълумот Жамият директорига кузатув кенгашининг мажлиси ўтказиладиган кунда берилади.
-
Кузатув кенгашининг мажлиси сўров йўли билан ҳам ўтказилиши мумкин. Бунда Жамият кузатув кенгашининг мажлисининг қарорлари Кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан сиртқи овоз бериш (сўров) йўли билан қабул қилиниши мумкин.
Техникавий воситалар, Кузатув кенгаши аъзоларини идентификациялаш воситалари мавжуд бўлганда, Кузатув кенгашининг мажлислари видео-конференц-алоқа режимида ўтказилиши мумкин.
VI. Кузатув кенгаши аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
-
Кузатув кенгаши аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Кузатув кенгаши мажлисида шахсан иштирок этиш, регламент билан ажратилган вақт доирасида мажлисда муҳокама қилинадиган масала бўйича сўзга чиқиш;
- Кузатув кенгашининг қарорига кўра Жамиятнинг маълум давр вақти оралиғидаги фаолияти, унинг ривожлантириш режалари ҳақидаги маълумотларини олиш;
- қонунчилик ва Жамиятнинг ички ҳужжатлари билан белгиланган тартибда Кузатув кенгашида ишлаганлиги учун иш ҳақи ва (ёки) компенсация олиш;
- қонунчилик ва Жамиятнинг ички ҳужжатлари билан назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш;
- Кузатув кенгаши аъзолари, ижроия органи, АЖ ходимлари ва жалб қилинган экспертлар (профилли олий ўқув юртлари ва бошқаларнинг тегишли профилдаги мутахассислари, ўқитувчилар таркиби) ичидан, кузатув кенгаши қошида тегишли масалалар бўйича қўмиталар (ишчи гуруҳлар), шу жумладан низоли вазиятлар бўйича, аудит бўйича, кадрлар бўйича ва бошқа масалалар бўйича қўмиталар тузиш
-
Кузатув кенгаши аъзосининг мажбуриятлари:
- Жамият билан битим тузилганда, мўлжалланаётган битим тўғрисидаги маълумотларни, тегишли шартноманинг аҳамиятга молик бўлган шартларини батафсил тарзда кўрсатган ҳолда ёзма хабарнома юбориш йўли билан Жамият томонидан битим тузилганда ўзининг тобелиги (аффилланганлиги) тўғрисида хабардор қилиш.
- ўзининг лавозим мажбуриятларини виждонан, шунингдек Жамият манфаатлари йўлида энг яхши деб ҳисоблаган усулда амалга ошириш;
- қонунчилик ва Жамиятнинг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларга эга.
-
Кузатув кенгашининг аъзолари Жамиятнинг имкониятларидан (мулкий ёки номулкий ҳуқуқлар, хўжалик фаолияти соҳасидаги имкониятлар, Жамият фаолияти ва режалари ҳақидаги маълумотлардан) шахсий бойлик орттириш мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмаслар.
VII. Кузатув кенгаши аъзоларининг жавобгарлиги
-
Жамият Кузатув кенгашининг аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширганларида ва мажбуриятларини бажарганларида Жамият манфаатлари йўлида ҳаракат қилишлари лозим, бунда қонунчилик ва Жамиятнинг ички ҳужжатларига биноан Жамият олдида жавобгарликка эга бўладилар.
-
Агар бир неча шахс жавобгарликка эга бўлсалар, уларнинг Жамият олдидаги жавобгарликлари солидар ҳисобланади.
-
Овоз беришда иштирок этмаган ёки Жамиятга зарар етказилишига олиб келган қарорга қарши овоз берган Кузатув кенгаши аъзолари жавобгарликка эга бўлмайдилар, Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 90-моддасида белгиланган ҳолатлар – бундан мустасно.
-
Жамият ёки Жамиятнинг жойлаштирилган акцияларининг камида бир фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар), Жамиятга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида Кузатув кенгаши аъзосига нисбатан даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидирлар.
VIII. Кузатув кенгаши аъзоларини мукофотлаш миқдорини белгилаш тартиби
-
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8-апрелдаги ПФ-101-сон “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислохотлар тўғрисида”ги фармонга мувофиқ 2022 йил 1 июлдан бошлаб, жамият кузатув кенгаши аъзоларига вазифаларини бажариб турган давр учун ягона рағбатлантириш амалга оширилади.
IX. Якуний қоидалар
-
Кузатув кенгаши аъзоларини зарур материаллар билан таъминлаш, шунингдек акциядорлар ва инвесторлар билан ўзаро муносабатлари учун жавобгар – Акциядорлар билан корпоратив муносабатлар бошқармаси (бўлими) ёки қимматли қоғозлар бўйича мутахассис ёки корпоратив котиб саналади.
-
Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка эга бўладилар.
-
Агар мазкур Низомнинг алоҳида моддалари Республикаси Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги ва/ёки Жамият Уставига зид келган тақдирда, унда ушбу моддалар ўз кучини йўқотади ва унинг мазкур моддалар билан тартибга солинадиган қисмида, мазкур Низомга тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар, Республикаси Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги ва/ёки Жамият Устави нормаларига амал қилиш керак.